Йўл- тараққиётнинг гаровидир!

Жаҳонда  автомобил саноати ва йўл қуриш техникаси ҳамда технологиясининг ривожланиши натижасида автомобил йўлларидан фойдаланиш юк ташишнинг энг қулай, арзон ва тез услубига айланди. Фақат автомобил транспортда моллар ишлаб чиқарилган жойдан истеъмол қилинадиган жойга бевосита ташиб борилиши мумкин бўлди. Бундай имкониятденгиз, ҳаво ва темир йўллар транспортларида йўқлиги ҳаммага аён. Аммо ушбу қулайлик автотранспортларнинг юқори тезликда бетўхтов юришига замин яратиб бера оладиган йўлларнинг барпо этилишини тақозо қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йилдаги  1103-сонли “2009-2014 йилларда Ўзбек миллий автомагистралини қайта қуриш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2010 йил 1446-сонли  “2011-2015 йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорлари асосида қурилаётган Ўзбекистон Миллий автомагистрали нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда замонавий талабларга жавоб бера оладиган автомобил йўли қурилишининг биринчи қадами бўлиб қолади.

Ўзбекистон миллий магистрали Ўзбекистоннинг барча вилоятларини ва шаҳарларини бир бирига боғлаб, транспорт алоқаларни қулайлаштиради ва замонавий савияга кўтаради. Республикамизнинг шарқий томонидан ғарбий томонига қисқа вақт ичида (10-12 соатда) етиб боришни таъминлайди. Чет эл инвесторлари ва туристларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ошади, инвестиция иқлими яна ҳам яхшиланади, давлатнинг экспорт, импорт ва транзит юк ташиш имконияти кучаяди.

Ўзбекистон миллий автомагистралининг қурилиши лойиҳачи ташкилотларга ҳам бир мунча масъулият юкламоқда. Президентимизнинг 2010 йил 1446-сонли  қарори асосида қурилиши кўзда тутилган 2306км дан бугунги кунга келиб 1556км йўл лойиҳаланиб, қурилиш учун топширилди. Бу эса ўз навбатида шунча узунликдаги йўлларни қурилиши бошланганликдан далолат беради. Йўлларни қурилиш даврида ҳам лойиҳачи ташкилотларнинг хизматлари мухимдир. Чунки, қурилаётган автомобил йўлларини муаллифлик назоратидан ўтказиш транспорт иншоотининг сифатли қурилишига асос бўлади.

Шуни такидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1103-сонли қарори асосида “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ Ўзбекистон миллий автомагистралини лойиҳалаш бўйича бош лойиҳачи этиб тайинланган.

Шуниси қувонарлики, “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан бажарилаётган лойиҳаларда замонавий технологияларни жорий қилган холда ҳамда инновацион лойиҳаларни жалб қилиб, соҳавий ва Давлат экспертларига тақдим қилмоқдалар. Бу эса ўз навбатида автомобил йўлларининг сифатини ривожланган давлатлар даражасида қурилишига мезон бўлмоқда.

“Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан тадбиқ қилинаётган ушбу инновацион ғоялар Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча йўл лойиҳа институтлари ходимлари ва рахбарлари билан уюштирилаётган семинарларда мухокама қилиниб, улар томонидан бажарилаётган лойиҳаларда қўллаш таклиф қилинаяпти.

“Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан ушбу йилда биринчи бўлиб WIM системадаги автомобилларни харакат вақтида ўлчайдиган тарозлари лойиҳаланиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

750км дан ортиқ миллий магистрал таснифига кирувчи йўлларни лойиҳалаш келгуси йилларга мўлжалланган. Бундан ташқари Қарши шахри айланма йўли, Қарши-Шаҳрисабз йўналиши, Жиззах иқтисодий зона ва шунга ўхшаш бошқа кўплаб йўллари ҳам ўз навбатида лойиҳаланиш кўзда тутилган.

Шу ўринда Ўзбекистон Миллий автомагистралининг халқаро роли ҳақида бир мунча тўхталиб ўтсак. Ушбу йўлнинг халқаро аҳамияти бениҳоят каттадир. Бинобарин, ушбу йўл Қўнғирот орқали Россияга ва бошқа Шарқий Оврўпа мамлакатларига бориш учун яқин ва қулай йўлга айланади. Шарқ томонда мазкур магистрал Ўш-Қашқар автойўли билан уланиб, Хитой Халқ Республикасида Буюк ипак йўли бўйлаб қурилаётган тезюрар автойўли билан уланади. Ғарб ва жануб томонда Ҳинд ярим ороли, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ, ғарбий Оврўпа мамлакатларини боғлаб турувчи мавжуд йўллар, ҳамда келажакда қурилажак йўллар билан боғланади. Натижада Ўзбекистон миллий автомагистрали Евросиё транспорт кўпригининг замонавийлаштирилган муҳим бир қисмига айланади. Шунинг билан бирга у Ўзбекистоннинг салоҳиятини оширишда, бойлигини кўпайтиришда ва халқаро алоқаларда унинг аҳамиятини кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатади. Ўзбекистон қадимгидек буюк ипак йўлининг муҳим ва замонавий чорраҳаси бўлиб қолиши муқаррардир.