Давон!

Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли эрур – деб бошлаган эди ёзувчи Абдулла Қодирий ўзининг машхур “Ўтган кунлар” асарини. Дарҳақиқат, мозийга назар солиб нафақат буюк авлодлар вакили эканимизни ҳис этамиз, балки мустақилликка эришган давримизнинг ўзида ҳам мамлакатимиз томонидан катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганини тушунамиз. Биргина йўл қурилиш соҳасининг ўзида ўтган 22 йил давомида бир неча километр йўллар қурилиб фойдаланишга топширилди ва мавжудлари таъмирланди. Булар қаторида Тошкент – Қўқон йўналиши йўлини эслаш кифоя. Тошкентдан Қўқон орқали Андижонга, ундан сўнг Ўш ва Хитойга олиб борувчи ушбу йўл бир вақтлар сўқмоқ йўлдек бир гап эди. Ҳали ҳам айрим қисмлари сақланиб қолинган эски йўлга узоқдан разм сола туриб мавжуд йўл билан беихтиёр солиштирасан киши. Йўлни шу даражага келтирган қурувчилар учун балли дегин келади. Бугунги Отабеклар учун Марғилон бормоқ 3 соатлик йўл чамаси, энди 3 кун юриб Кумуш излашнинг ҳожати йўқ.

Ёдга олганимиз А373 “Тошкент-Ўш”  автомобил йўлининг 106-190км қисми ҳақидадир. Ушбу йўл мамлакатимиз Президентининг 1996 йилдаги №315-сонли қарори асосида қурилган бўлиб, унинг кенглиги 25метрни ташкил этади. Бу тоғлик ҳудудлар учун жуда катта кенгликдир. Бундан ташқари йўлнинг энг юқори қисмида иккита “Қамчиқ” ва “Ризак” тоннеллари ҳам қурилган бўлиб, бу йўлнинг бирмунча қисқаришига сабаб бўлган.     

Ушбу йўлнинг қурилиши мамлакатимизнинг шарқий худудларида жойлашган шаҳарларни мамлакатнинг бошқа худуди билан боғлаш учун ягона йўл бўлиб қолиши билан ҳам муҳимдир. Фарғона водийсининг учта вилояти Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида республиканинг 30 фоиз аҳолиси истиқомат қилиши ва ушбу вилоятларда ишлаб чиқариш жадал суръатларда ривожланаётганлигини инобатга олиб, бугунги кунда бу йўлни замонавий талаблар асосида қайта барпо этиш талаби пайдо бўлди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 апрелдаги 1103-сонли “2009-2014 йилларда Ўзбек миллий автомагистралини қайта қуриш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2010 йил 21 декабрдаги 1446-сонли “2011-2015 йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорларида ҳам ушбу йўлнинг 106-190км оралиғини қайта таъмирлаш кўзда тутилган.

“Йўл-Лойиҳа Бюроси” МЧЖ бош лойиҳачилигида ушбу йўлда замонавий талабларга жавоб бера оладиган 4 ва 6 тасмали йўл лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа бўйича тендер савдолари асосида Испаниянинг “Isolux corsam” компанияси бош пудратчи этиб тайинланди ва компания қурилиш ишларини бошлаб юборди.

 Эътиборлиси шундаки, йўлнинг қатнов қисми қопламаси цементбетон қопламадан иборат бўлиб, бу бугунги кунда энг замонавий талаблар доирасидаги

қоплама саналади.

Цементбетон қопламали йўллар хақида бир оз тўхталиб ўтсак. Цементбетон қопламали йўллар асфальтбетон қопламали йўлларга нисбатан 2.5 баробар камроқ емирилади. Цементбетон қопламали йўлларнинг фойдаланиш муддати ҳам асфальтбетон қопламали йўлларга нисбатан 2 баробар кўпроқдир.

Цементбетон қопламали йўлларни эксплуатация қилиш ҳам асфальтбетон қопламали йўлларни эксалуатация қилишга қараганда 1.5 баробар камроқ маблағ сарф қилинади.

Бугунги кунда ривожланган хориж давлатлар магистрал йўлларида цементбетон қопламалар асфальтбетон қопламаларга қараганда бирмунча кўпроқ қурилган, масалан Жанубий Кореяда цементбетон йўллар 96%, Германия 75%, АҚШ 67%, Австралия 60% ни ташкил қилади. Ўзбекистон бугунги кунда 350км миллий магистрал йўлларини бетон қоплама қуриш ишларини олиб бормоқда. Бу миллий магистрал йўллари бўйича умумий миқдорнинг 15% ни ташкил қилади. Бу кўрсатгич Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича энг юқори кўрсатгичдир.

Шунингдек, цементбетон қопламали йўлларнинг қурилишида 100% маҳаллий материаллардан фойдаланиб қуриш имконияти мавжуд бўлиб, бу битум маҳсулоти танқислигида муаммосиз қуриш имконини беради.

А373 “Тошкент-Ўш”  автомобил йўлининг давондан ўтган қисмини қурилишида нафақат испаниялик мутахассислар, балки Германия ва Даниялик мутахассислар билан бир қаторда Ўзбекистоннинг хам кўп сонли мутахассислари иш олиб бормоқдалар. Бу ўз навбатида қурилиш соҳасида фикр алмашиш имконини ҳам бермоқда.

“Йўл-Лойиҳа Бюроси” МЧЖда ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2013 йилдаги 05/30-46 сонли кўрсатмаси асосида автомобил йўлларини лойиҳаловчи мутахассисларнинг малакаларини ошириш мақсадида Тошкент автомобил ва йўллари институти билан ҳамкорликда малака ошириш курслари ташкил қилинган бўлиб, ана шу курс учун аудитория барча жиҳозлари билан биргаликда  “Йўл-Лойиҳа Бюроси” МЧЖ биносида ташкил қилинди. Испаниялик мутахассислар томонидан “Йўл-Лойиҳа Бюроси” МЧЖ муҳандис-ходимлари ва Тошкент автомобил йўллари институти магистрантларининг автомобил йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича малакалари оширилмоқда. Келажакда бу мутахассислар нафақат давон йўллари, балки мамлакатимиздаги бошқа йўлларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича ишларни олиб борадилар, кимдир эса албатта қуриб битказилган йўлларни эксплуатация қилиш билан шуғулланади.

Яқин кунларда Давон  нафақат ўзининг қулай ва кўркамлиги билан, шунингдек йўлчи мутахассисларнинг тажрибаларини ошириш, замонавий йўл қурилишида асос бўлиши билан ҳам қадрли бўлиб қолади. Бунда Ўзбек йўлчи мутахассисларининг хизматлари беқиёсдир.