Бетон йўллар

Мустаҳкам, пухта, емиришга чидамли цементли бетон йўл асослари ва қопламалари учун мўлжалланган материал сифатида ўзини яхши томондан кўрсатди. Ҳисоб-китоблар цементбетонни қўллаш халқ хўжалигига катта иқтисод келтиришини тасдиқламоқда.

1913 йилда Тифлисда бетон қопламали биринчи йўл қурилган эди.

Қурилишдаги бевосита иқтисодий фойдадан ташқари, бетон қоплама йўлдан фойдаланишда сезиларли техник-иқтисодий устунликни беради. Бетон чидамлилигининг юқорилигини сақлаш ва таъмирлаш учун сарф-харажатларни минимумгача қисқартиришга имкон беради. Бетон қопламали автомобиль йўлининг хизмат муддати асфальтбетон қопламали йўлга нисбатан бир неча баравар каттароқ. Яхши қурилган цементбетон қопламали йўл (1-расм) мукаммал таъмирлашсиз бир неча ўн йил хизмат қилиши мумкин. Цементбетонли йўл қопламаси қалинлиги камида 24 см бўлган плитани ифодалайди.

1-расм. Цементбетон қопламали автомобиль йўли (А380 а/й).

Агар йўл ялпи бетон тасма билан қопланса, ҳарорат ўзгарганда (кечаси ва кундузи, ёзда ва қишда) бетон плитанинг ўлчами ўзгара бошлайди – кенгаяди ва қисқаради, ва унда бетон ёрилишига олиб келадиган кучланишлар юзага келади. Ҳаммага маълумки, темир йўл изларини қуришда рельсларни ҳароратдан кенгайишда қийшайишдан сақлаш учун ҳеч қачон бир-бирига зич жойлаштирилмайди, аксинча, туташиш жойларида бир неча миллиметрлик тирқиш қолдирилади. Ёзда бу тирқиш ёпилади, қишда эса рельсларнинг учлари ажралади.  

Бетон йўлда ҳам маълум бир масофаларда чоклар – тирқишлар қилинади. Иссиқлик таъсирида бетон плита бузилмаслиги учун кенгайиш чоклари – бетон қопламанинг ёндош плиталари орасида икки томони очиқ тирқишлар қилинади. Плита остидаги асосга сув ўтмаслигини таъминлаш учун чоклар битумли эластик мастика билан тўлдирилади. Мўътадил иқлим шароитида кенгайиш чоклари ҳар 30-50 метр оралиқда жойлаштирилади. Бу масофа бетон қоришмаси ётқазилаётган вақтдаги ҳароратга, шунингдек жойнинг иқлимига боғлиқ. 

Агар кенгайиш чоклари кўзда тутилмаса, қоплама иссиқ қуёшли кунда қизиб шундай кучланадики, унинг юзасидан бетон бўлаклари бўлиниши мумкин бўлади. Қопламадан куч билан учиши орқали улар бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолат Калифорниянинг (АҚШ) керакли чоклар қилинмаган йўлларидан бирида кузатилган. 

Қоплама ҳарорати бетон қоришмаси ётқазилаётган даврдагига нисбатан пастроқ ҳароратгача совиганда, бетон сиқилади ва бетон плита дарз кетиши мумкин. Бундай дарз-ёриқларнинг олдини олиш учун қоплама хавфли кучланишлар юзага келган ҳолатдагидан кўра кичикроқ масофаларда чоклар билан бўлинади. Бундай чоклар, одатда, 5-10 метр масофада қилиниб, чуқурлиги плита қалинлигининг учдан бир қисмига тўғри келадиган тирқишлардан иборат бўлади.   Бу чоклар сиқилиш чоклари деб аталади. Бетонда совуқ таъсиридаги сиқилишдан кучланишлар юзага келганда, бетон плита энг нозик жойида– кесик билан заифлашган кесим бўйича дарз кетади. Сиқилиш чоки худди кенгайиш чоки каби мастика билан тўлдирилади.  

Йўл ўқи бўйлаб ҳам сиқилиш чокига ўхшаш чок қилинади, акс ҳолда бўйлама ёриқ – дарз ҳосил бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, цементбетонли йўл қопламаси алоҳида плиталардан ташкил топганга ўхшайди. Бутун қопламанинг яхлитлиги бузилишининг олдини олиш, шунингдек ҳаракатланаётган машиналардан тушадиган оғирликни бир плитадан бошқасига ўтказиш учун чокларда махсус металл стерженлар ўрнатилади.

Қопламанинг хизмат қилиш муддати уни қуришда бажариладиган барча ишларнинг сифатига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикасида бетон қопламали йўллар қурилиши тобора ортмоқда, улар магистрал йўлларнинг асосий тури бўлиб қолмоқда.  

Цементли бетон – ажойиб қурилиш материали ҳисобланади, лекин ундан қилинган иншоотлар ҳақиқатан чидамли ва мустаҳкам бўлиши учун бу ўзига хос материални яхши билиш лозим. У бошқа қурилиш материалларидан ўзининг хусусиятлари ва сифати қурилиш майдонида, иншоотни қуриш жараёнида шаклланиши билан ажралиб туради.  

Цемент ва бетонни тайёрлаш техникаси тинмай ривожланиб бормоқда. Унинг асосида бетон қопламали йўлларни ва темирбетонли кўприкларни қуриш техникаси ривожланмоқда. Цементлар ва бетонларнинг хусусиятларини ўрганиб чиқиш ҳамда бу материалларни унумли ва самарали қўллаш - ҳар бир йўлсоз-қурувчининг вазифасидир.