Ҳамкорлик доирасидаги истиқболли муносабатлар

         Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001-йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат етакчилари томонидан ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, ШҲТнинг дастлабки фаолияти ўзаро ҳамкорлик доирасида Ўрта Осиё ҳудудида террорчилик ҳаракатларини олдини олиш, шунингдек, сепаратизм ва эктремизмга қарши  минтақавий курашишга қаратилган. Ташкилот терроризмга қарши курашиш ғоясини ўз фаолиятининг асоси қилиб олган биринчи халқаро ташкилот ҳисобланади.

         “Буюк Ипак йўли иқтисодий зонаси” ғояси биринчи бўлиб Хитой раҳбари Си Цзинпин томонидан 2013-йилнинг сентябр ойида Қозоғистонга ташрифи жараёнида шаклланган.  Шу йилнинг октябр ойида Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раиси Си Цзинпиннинг жануби-шарқий Осиё давлатларига ташрифи чоғида “XXI аср Ипак йўлига денгиз орқали” концепциясини ҳамкорлик асосида қуриш ғоясини илгари сурди.

2015-йилда эса ҳар икки таклиф ташкилотга аъзо давлатларнинг ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий йўналишларини ўзида мужассамлаштирган “Бир макон – бир йўл” умумий стратегик концепцияси асосида бирлаштирилди. Бу транспорт коридорининг бизнинг ҳудуддан ўтадиган қисми қуйидаги чизмада кўк рангда кўрсатилган.

         2017-йил май ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги  Халқаро форум Си Цзинпиннинг ҳаракатлар тожига айланди: 68 та мамлакат ва халқаро ташкилотлар ХХР билан ҳамкорлик шартномаларини имзоладилар.

         Ҳозирги кундаги ХХРнинг экспорт салоҳияти йилига 3,68 трлн. долларни ташкил этади. Бу товарларнинг асосий бозорини Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва АҚШнинг ўрта синфи ташкил қилади ва Европада 120 млн. ҳамда АҚШда 92 млн. харидордан иборат.

         Марказий Осиёнинг юрагида, икки минтақа ўртасида жойлашган Ўзбекистон Хитой таклиф қилаётган иқтисодий кооперация ғояси орқали максимал фойда олишда юқори имкониятларга эга ҳисобланади. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имконияти йўқлиги сабабли “Бир макон – бир йўл” ғояси мамлакатимиз иқтисодиёти учун ҳар томонлама самаралидир.

         Жорий йилнинг май ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Форум доирасида 15-май куни президентимиз Ш.М.Мирзиёев нутқ сўзлади. Ўз нутқида Хитой раҳбари томонидан таклиф этилаётган ғоянинг Ўзбекистон иқтисодиётига самараси бениҳоя эканлиги таъкидланди. Президентимиз Ш.Ш.Мирзиёев «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» транспорт коридорининг тезроқ қурилиши тарафдори эканлигини маълум қилди.

         Шу муносабат билан Тошкентда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой давлатлари ўртасида «Тошкент – Андижон (Ўзбекистон) – Ош – Иркештам (Қирғизистон) – Қашғар (Хитой)» маршрути бўйлаб автопробег ташкил этилди (3-расм).

      

 

         Автопробегда 3 та давлатнинг 9 та транспорт воситаси қатнашди. Маршрутнинг умумий узунлиги 900 км, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида – 390 км, Қирғизистон ҳудудида – 260 км ва Хитой ҳудудида – 250 км. Барча транспорт воситалари Хитой ҳудудига етиб борди ва бу орқали маршрут йўналиши ҳамма иштирокчилар учун самарали эканлиги исботланди.