“YO’L-LOYIHA BYUROSI” МЧЖ ва “STPR Consulting” GmbH компанияси (Германия Федератив Республикаси) ўртасидаги келишув

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги №ПҚ-4035-сонли “Автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ишларни ташкил этишнинг илғор хорижий услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2019 йилнинг февраль ойида “YO’L-LOYIHA BYUROSI” МЧЖ ва “STPR Consulting” GmbH (Германия Федератив Республикаси) ўртасида келишув имзоланган. Бундан мақсад - Ўзбекистон Республикасида қўшма корхона шаклида Ўзбек-немис лойиҳа ташкилотини тузиш ҳисобланиб, илғор немис технологиялари ва амалиётидан фойдаланган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари сифатини янада оширишдир. “STPR Consulting” GmbH компанияси қидирув ишлари ҳамда автомобиль йўлларини лойиҳалаш ишларини амалга ошириш, лойиҳалаш ишлари учун зарур ҳисобланган касбий маҳорат борасида катта тажрибага эканлигини ҳисобга олган ҳолда Томонлар қуйидагилар тўғрисида Келишув имзолашган:
а) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, автомагистраллар ва маҳаллий йўллар, ҳамда аэродромлар, тоннеллар ва кўприкларни қайта қуриш, таъмирлаш ва қуришнинг қидирув ва лойиҳалаш ишлари;
б) шаҳар кўчалари ва йўлларининг қидирув ва лойиҳалаш ишлари;
в) қишлоқ кўчаларининг қидирув ва лойиҳалаш ишлари;
г) йўллар, муҳандислик коммуникациялари ва бошқа йўлолди иншоотларнинг қидирув ишлари;
д) қурилиш материаллари, темирбетон, бетон ва металл конструкцияларини лабораторияда синаш ишлари;
е) автомобиль йўллари тармоғининг бош режаларини ишлаб чиқиш;
ж) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш;
з) лойиҳаланаётган йўлларни ижтимоий-иқтисодий ва экологик баҳолаш;
и) йўлларни сақлаш ва фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
к) асфальтбетон ва цементбетон қоришмаларини ишлаб чиқариш заводлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
л) Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа вазифалар.
“YO’L-LOYIHA BYUROSI” МЧЖнинг роли ва амалий ёрдами қуйидагилардан иборат:
- қўшма корхона инфратузилмасини тузиш чора-тадбирларини ташкиллаштириш, ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни таъминлаш (сув, электр, газ, хомашё ресурслари, ходимлар);
- қонунчиликда белгиланган тартибда хўжалик фаолиятини юритиш учун бинони ижарага олиш ёки сотиб олиш бўйича керакли чораларни кўриш;
- лойиҳа хужжатларини ишлаб чиқиш ва қидирув ишларини олиб бориш учун лицензия олишда қўшма корхонага ёрдам кўрсатиш;
- божхона тўловларидан озод қилиш масаласини ҳал этишда қўшма корхонани қўллаш.
“STPR Consulting” GmbH” компаниясининг роли ва амалий ёрдами:
- барча керакли асбоб-ускуналар ва дастурли маҳсулотларни етказиб бериш;
- лойиҳа хужжатларини ишлаб чиқишда янги технологияларини қўллаш бўйича қўшма корхона ходимларини ўқитишда техник мадад кўрсатиш;
- маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
- мутахассис-лойиҳачиларни Германиянинг етакчи лойиҳа ташкилотларида ўқитиш ва қайта тайёрлаш;
- қурилиш объектида қурилиш ишларини бажаришдаги техник кузатув ишларида қатнашиш;
- қўшма корхонада чиқарилаётган маҳсулот сифатини таъминлаш.